[www.Dastur.uCoz.Ru BEPUL DASTURLAR ]
Главная » 2012 » Aprel » 24 » Тўрт юздан ортиқ олиму шоирларга ҳомийлик қилган ҳукмдор
08:10:32
Тўрт юздан ортиқ олиму шоирларга ҳомийлик қилган ҳукмдор


Қўшни Афғонистон давлатида хизмат сафари билан бўлганимда улуғ бобокалонимиз Зҳириддин Муҳаммад Бобур қабрини зиёрат қилдим. Ғазни вилоятида эса буюк саркарда Маҳмуд Ғазнавий ва бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний қабрларини ҳам бориб кўрдим. Шундан кейин Маҳмуд Ғазнавий ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишга ва унинг саройида Абу Райҳон Беруний қандай мавқеа эга бўлганлиги ҳақида билгим келди. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Иброҳим Умарий. Тошкент шаҳри,Чирчиқ тумани.



«Давлат қиличи»

Маҳмуд Ғазнавий – Абулқосим Маҳмуд ибн Сабуқтегин (967-1030) – давлат арбоби ва ҳарбий саркарда, Ғазнавийлар давлати ҳукмдори Сабуқтегиннинг ўғли бўлган. Ёшлигида отасидан ҳарбий санъатни пухта эгаллаган. Сомонийларга қарши исён кўтарган турк амирлари Абу Али Симжурий ва Фойиққа қарши жангларда отасининг қўшинида қатнашиб, катта жасорат кўрсатгани учун «Сайф уд-давла» («давлат қиличи») унвони билан тақдирланади. Ғазнавийлар давлатининг Нишопурдаги ноиби бўлган. Отаси вафотидан сўнг тахтни эгаллаган, Марв яқинидаги жангда Сомонийлар қўшинини мағлубиятга учратган. Сомонийлар давлати ағдарилгач, Маҳмуд Ғазнавий Бағдод халифаси ал-Қодирдан «йамин уд-давла ва амин ул-милла» («давлатнинг ўнг қўли ва миллатнинг ишончи») деган фахрий унвон ва Хуросон ҳокимлиги ҳақида ёрлиқ олган.

Икки янги давлат чегараси

Қорахонийлар хони Наср Маҳмуд Ғазнавийга элчи юборади ва 1001 йилда Қорахонийлар билан тузилган сулҳ шартномасига мувофиқ, ҳар икки давлат ўртасидаги чегара чизиғи қилиб Амударё белгиланди. Шундай қилиб Сомонийлар давлати ўрнида иккита янги давлат ташкил топади. Маҳмуд Ғазнавий қўлида Шимолий Ҳиндистон чегарасидан тортиб Хазар (Каспий) денгизигача чўзилган катта ҳудуд бирлаштирилган. Кейинчалик бу давлат таркибига Шимолий Ҳиндистон, Хоразм ва Ғарбий Эрон ҳам киритилган. Қорахонийлар билан айрим урушлардан сўнг, Чағониён, кейинчалик Хутталон, Қабодиён вилоятлари ва Термиз, Амул (Чоржўй)ни ҳам ўз давлати таркибига қўшиб олган. Маҳмуд Ғазнавий йирик ҳарбий юришлар олиб бориш билан биргаликда қўшни давлатлар ҳукмдорлари билан дипломатик алоқалар ва қариндошлик муносабатлари ўрнатган. Байҳақийнинг ёзишича, Хоразмдаги халқ ғалаёнлари оқибатида 1016 йилда Абул Аббос Маъмун қатл этилиб, тахтга унинг жияни ёш ва тажрибасиз Муҳаммад ибн Маъмун ўтирди. Маҳмуд Ғазнавий бу хабарни эшитгач, қасос олиш баҳонасида катта қўшин — 100 минг аскар, 500 фил билан келиб, Хоразм давлати пойтахти Қиётни эгаллайди ва ҳожиб Олтинтошни Хоразмда ўз ноиби қилиб қолдирган ва Беруний бошчилигидаги олимлар, шоирлар ва санъаткорларни, шунингдек, ёш хоразмшоҳни бутун сулоласи билан Ғазнага олиб қайтади. Форс тарихчиси Гардизийнинг «Зайн ал-ахбор («Хабарлар кўрки») асарида ёзилишича, 1025 йилларда Самарқанднинг жанубида ўша даврнинг икки буюк ҳукмдори: Маҳмуд Ғазнавий ва қорахонийлар тамғачхони Қодирхон ўртасида тарихий учрашув бўлган. Икки ўртада шартнома тузилиб, унга кўра қорахонийларнинг Самарқанддаги ноиби Алитегиндан Мовароуннаҳр қайтариб олиниб, Қодирхоннинг ўғли Йигантегинга берилган. Тазйиққа учраган 4 минг ўтовли ўғуз хонадонлари (салжуқнинг авлодлари) Маҳмуд Ғазнавийнинг рухсати билан ўша йили Нурота атрофидаги Хуросонга кўчирилган.

Ҳиндистонга 17 марта ҳужум ва «Ҳиндистон» асарининг яратилиши

Маҳмуд Ғазнавий қорахонийлар билан ўз мавқеини мустаҳкамлаб, асосий эътиборни Шимолий Ҳиндистонни охиригача забт этишга қаратган. У Панжоб ва Кашмир вилоятларига 17 марта ҳарбий юришлар уюштирган. Маҳаллий аҳолини ислом динига киритган. Унинг ҳарбий сафарларида Беруний ҳамкорлик қилган. Берунийнинг машҳур «Ҳиндистон» (1030-31) асари ушбу сафарлар натижасида вужудга келган. Маҳмуд Ғазнавий араб ва паҳлавий (форс) тилларини пухта билган, туркий тилда шеърлар битган. Ўз давлатининг пойтахти Ғазнада нодир китоблардан катта кутубхона тўплаган. Бу даврда ислом маданияти ривожланиши ва ислом дини тарқалишига катта ҳисса қўшган. Хусусан, ўз саройида 400 дан ортиқ олимлар, шоирлар ва санъаткорларни тўплаб, уларга ҳомийлик қилган. Қудратли ва жанговар ҳарбий қўшин ҳамда денгиз флотига эга бўлган. Маҳмуд Ғазнавий Ғазнада вафот этган, қабрида мақбара ўрнатилган. Шарқ алломаларининг асарларида Маҳмуд Ғазнавий адолатли ва фуқаропарвар подшо, душманга нисбатан шафқатсиз саркарда сифатида тасвирланади.


Manba: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси
Категория: Xabarlar | Просмотров: 849 | Добавил: Tillobek | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]